Самарқанд вилояти Қўшработ тумани
Мактабгача таълим бўлими

НЕГА 10 ЙИЛДА БИР МАРТА?

Дунё бўйлаб минг йиллар давомида ўтказиб келинаётган аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор эрамиздан аввалги 3800 йилларда  бобилликлар томонидан ўтказилганига тарихий ишоралар бор. Ҳар 6 ёки 7 йилда ўтказилган бундай тадбирларда аҳоли ва чорва сони, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ҳисобга олингани ҳақида тарихий манбаларда айрим маълумотлар сақланиб қолган.

Қадимги Миср, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония, Вавилон, Греция ва Юнонистон давлатларида эса аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари солиқ тўловчилар ва ҳарбий хизматга яроқли аҳоли сонини билиш мақсадида ўтказилган. Шунингдек, шаҳарлардаги ерлар ва хўжаликлар, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ҳамда улар билан бирга аҳолини статистик ҳисобга олишнинг турли шакллари мавжуд бўлган.

         Аҳолини мунтазам рўйхатга олиш тарихи 1790 йилга бориб тақалади. Ўшанда АҚШда, 1801 йилда эса бир вақтнинг ўзида Англия, Шотландия, Франция, Дания ва Норвегияда шундай тадбирлар ўтказилган. Бироқ улар ҳали мукаммал бўлмагани ҳолда, узоқ вақт давомида аниқ бир вақтга боғлиқ бўлмаган, белгиланган қоидаларга амал қилинмаган тарзда олиб борилган.

1846 йилда йирик статистик олим Адольф Кетл (1796-1874) бошчилигида Бельгияда ўтказилган рўйхатга олиш  биринчи чинакам илмий рўйхатга олиш дея эътироф этилади. Унинг ўзига хослиги шундаки, рўйхатга олиш муддати бир кунлик бўлиб, ҳақиқатда мавжуд аҳоли ҳисобга олинган. Мазкур рўйхатга олиш тажрибасидан кейинчалик, Европанинг кўплаб давлатлари фойдаланган. 1870-1879 йилларда дунё бўйича атиги 48 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган бўлса, ХХ аср охирига келиб, деярли барча давлатлар ўз аҳолисини рўйхатга олишга киришди.

Бугунги кунда БМТ дунё мамлакатларини ҳар 10 йилда камида бир маротаба ўз аҳолисини рўйхатга олишга даъват этади. Шу важдан, аксарият мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ҳар 10 йилда бир маротаба ўтказилади. Хўш, нега айнан 10 йилда бир марта? Бунинг бир қанча сабаблари бор, албатта. Аввало, 10 йил ичида жамиятда салмоқли ўзгаришлар рўй беради. Аввалги рўйхатга олиш усуллари самарадорлиги сезиларли даражада камайиши сабабли, сўровномалар мазмунига тузатишлар, маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш усулларига замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

2015 йилда БМТнинг “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилиниб, 2020 йил раундига старт берилган эди. Бу раунд 2015 йилдан 2025 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Ўзбекистон ҳам ўз аҳолисини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни режалаштирган давлатлар қаторидан жой олди ва дунё халқлари бўйича 228 чи бўлиб БМТ томонидан рўйхатга олинди. Бироқ коронавирус пандемиясининг дунё бўйлаб кенг тарқалиши кўплаб ҳолатлар сингари аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Аксарият мамлакатларда бу тадбирларнинг муддати ўзгартирилди.

Юртимизда ҳам 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023 йилнинг 1-25 ноябрь кунларига кўчирилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мустаҳкамланди. Шунингдек, мазкур қарор билан 2021 йилнинг 1-25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.


Охирги ўзгариш вақти: 10/06/2021 15:04;   Кўрилганлиги: 21
 
Материал манзили: http://qushrabotmtb.uz/news/nega-10-yilda-bir-marta
Чоп этилган вақт: 23/06/2021 12:08