Самарқанд вилояти Қўшработ тумани
Мактабгача таълим бўлими

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала аҳоли ўртасида рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш ҳисобланади, - Шу мақсадда Давлат статистика қўмитаси томонидан тадбирнинг шиори ва логотипи ишлаб чиқилиб, аҳолини рўйхатга олишнинг расмий веб-сайти (аҳоли.стат.уз) яратилди. Бу борада рўйхатга олувчиларни танлаш ва ўқитиш масаласи ҳам ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Чунки маълумотларнинг тўғрилиги бевосита уларнинг малака ва амалий кўникмаларига боғлиқ. Шу боис, жараёнга жалб этиладиган ходимлар Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан режа-жадвал асосида махсус ўқитилади.

Улар учун услубий қўлланма ва видеодарсликлар ишлаб чиқилиб, зарур ҳолларда, қўшимча маслаҳатлар берилади. Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини халқаро талабларга мос ва сифатли ўтказишда картографик материалларнинг аниқлиги ҳам муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари) билан таъминлаш вазифаси юклатилди. Аҳоли пунктлари ва кўчаларнинг ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига этказиш вазифаси қўйилди. Миллий гвардия ва ички ишлар органларига эса аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб этиладиган ходимлар хавфсизлигини таъминлаш топширилди.

Таъкидлаш лозимки, аҳолини рўйхатга олиш маълум бир даврда Ўзбекистон аҳолисининг сони, ёши, жинси, диний ва этник таркиби, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлиги, иқтисодий фаоллиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги хусусида батафсил маълумот олишга ёрдам беради. Шунингдек, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тақсимланишини ҳисоблашда ишлатилади, миграция ҳолатини, меҳнат ресурслари тақсимотини аниқ кўрсатиб беради.

 

Туман статистика бўлими


Охирги ўзгариш вақти: 15/10/2021 12:40;   Кўрилганлиги: 45
 
Материал манзили: http://qushrabotmtb.uz/news/aholini-royxatga-olish-jarayonlariga-tayyorgarlik-ishlari-davom-etmoqda
Чоп этилган вақт: 27/11/2021 07:24