Самарқанд вилояти Қўшработ тумани
Мактабгача таълим бўлими

“Аҳолини рўйхатга олиш” аҳоли фаровонлигини янада яхшилашга кенг йўл очади.

Дунёдаги ҳар бир мамлакат ўз аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида вақти-вақти билан рўйхатга олиш ишлари олиб боради.

2015 йил 10 июнда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, ушбу нуфузли ташкилотга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиши белгилаб қўйилган.

Айни пайтда МДҲ мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. Аҳолини рўйхатга олиш нима учун зарур? Бу тадбир республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ҳамда болалар саломатлигини яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имкониятини янада кенгайтиради. Шундай бўлса-да, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида бирор марта бундай ҳисоб-китоб ишлари олиб борилмади. Аҳолини рўйхатга олиш сўнгги бор 1989 йилда ўтказилган эди. Ҳолбуки, жаҳондаги кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш камида ҳар ўн йилда бир маротаба ўтказилиши белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда ҳам энди ана шундай муҳим жараён йўлга қўйилади. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мустақилликдан сўнг республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири биринчи марта 2023 йилда бўлиб ўтади ва кейин ҳар 10 йилда амалга оширилади. Шу боис, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари амалга оширилиши белгиланди. Қарорда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ташкилий ва услубий тамойилларини, аҳолини рўйхатга олиш дастури ва саволномаларини, дастурий-техник таъминоти ва маълумотларни қайта ишлашнинг технологик жараёнларини синовдан ўтказиш ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидаги масъулиятини янада ошириш билан боғлиқ вазифалар назарда тутилган. Айтиш лозимки, аҳолини рўйхатга олишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2021 йил 1-25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилди. Бунда аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш жараёни, рўйхатга олиш усуллари, дастури, саволномалари, услубий қўлланмалари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари амалий синовдан ўтказилди. Синов натижаларидан келиб чиқиб, аниқланадиган хато ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу — ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузишдир. Турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Мухтасар айтганда, аҳолини рўйхатга олиш жараёнига чинакам пойдевор қўйилади, десак муболаға бўлмайди. Республикамизда аҳолини рўйхатга олиш орқали, аввало, аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби (барча аҳоли пунктлари бўйича), оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, бандлиги ва ишсизлиги, даромад манбалари кабилар бўйича батафсил маълумот тўпланади. Мазкур кўрсаткичлар орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисобланади. Ўз навбатида, юртдошларимиз миграцияси тўғрисида аниқ маълумотлар шакллантирилади. Аҳоли пунктлари инфратузилмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва самарали жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда бу маълумотлар ниҳоятда зарур. Бундан ташқари, аҳолини рўйхатга олиш натижасида миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритиш, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар таҳлили учун кенг қамровли ахборот манбаи яратилади. Аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ жараёнларнинг амалга ошиши келгусида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада яхшилашга кенг йўл очади.

 

 

Туман статистика бўлими                                                         


Охирги ўзгариш вақти: 23/02/2022 14:21;   Кўрилганлиги: 109
 
Материал манзили: http://qushrabotmtb.uz/news/aholini-royxatga-olish-aholi-farovonligini-yanada-yaxshilashga-keng-yol-ochadi
Чоп этилган вақт: 27/05/2022 18:42